Runtime (0.00512 seconds)
#71

Interpretation of ( Al-Anbiyaa 44 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Балки Биз уларни ва ота-боболарини баҳраманд қилдик, ҳатто уларга умр узун кўринди. Улар ерга келиб, уни атрофидан қисқартираётганимизни кўрмайдиларми?! Ғолиб келгувчи уларми? (Тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги ушбу жумла маъноси ҳақида бир неча хил фикр билдирганлар. Қадимги тафсирчиларимиз, ернинг атрофидан қисқартирилиши–куфр ерлари қисқариб Ислом ерлари кенгайиб бориши, деганлар. Мужоҳид ва Икрималар (р. а.), ернинг атрофидан қисқариши–хароб бўлиши, дейишган. Ал-Афвий Ибн Аббосдан (р. а.) қилган ривоятда эса, баракасининг қисқариши, дейилган. Аш-Шаъбий, агар ер қисқарадиган бўлса, унга сиғмай қолар эдинг, лекин жонлар ва мева-чева, ҳосиллар қисқаради, деган. Икрима (р. а.) ҳам, агар ер қисқарганида, ўтиргани жой топа олмай қолар эдинг, қисқариш ўлимдир, деб айтган. Кейинги давр тафсирчилари эса, роҳат-фароғатда яшаган, ернинг турли атрофларида ғолиб бўлиб, ўзининг сўзини ўтказиб турган давлатлар ва халқлар баҳрамандликдан ҳовлиқиб кетиб, ҳадларидан ошганларида, нуқсонга дучор қилинишлари–қисқартирилишларидир, дейдилар. Ушбу маънолар бир-бирини тўлдириб келади. Ҳар бир тафсирчи олим ўз замонасидаги воқеликдан, ўз тушунчасидан келиб чиқиб маъно айтган бўлади.) ] - Interpretation of ( Al-Anbiyaa 44 )

[ بَلْ مَتَّعْنَا هَؤُلَاءِ وَآبَاءَهُمْ حَتَّى طَالَ عَلَيْهِمُ الْعُمُرُ أَفَلَا يَرَوْنَ أَنَّا نَأْتِي الْأَرْضَ نَنْقُصُهَا مِنْ أَطْرَافِهَا أَفَهُمُ الْغَالِبُونَ ] - الأنبياء 44

#72

Interpretation of ( Al-Anfal 70 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: «Агар Аллоҳ қалбларингизда яхшилик борлигини билса, сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир», деб айт! («Қурайшликлар Расулуллоҳга (с. а. в.) асирларни тўловини бериб, озод қилиш учун одам юбордилар. Аббос: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон эдим», деди. Расулуллоҳ (с. а. в.): «Мусулмонлигингни Аллоҳ билади. Аммо сен сиртдан бизга қарши бўлдинг. Ўзинг учун, акаларингнинг ўғиллари учун ҳамда иттифоқдошинг Бани Ҳорис ибн Феҳрнинг укаси учун тўлов бер», дедилар. Аббос: Эй Аллоҳнинг Расули, менда унча мол йўқ», деди. Расулуллоҳ (с. а. в.): «Умму Фазл икковингиз кўмган моллар қани?» дедилар. Аббос: «Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг Расули эканингизни яхши биламан, бу молларни мен ва Умму Фазлдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Мендаги молнинг йигирма уқияси ўзингизга ўтди деб ҳисоблайверинг», деди. Расулуллоҳ (с. а. в.): «Йўқ, у бойлик Аллоҳ сендан бизга олиб берганидир», –дедилар. Аббос ўзига, икки акасининг икки ўғлига ва иттифоқдошига тўлов берди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилди.) ] - Interpretation of ( Al-Anfal 70 )

[ يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ قُلْ لِمَنْ فِي أَيْدِيكُمْ مِنَ الْأَسْرَى إِنْ يَعْلَمِ اللَّهُ فِي قُلُوبِكُمْ خَيْرًا يُؤْتِكُمْ خَيْرًا مِمَّا أُخِذَ مِنْكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ ] - الأنفال 70

#73

Interpretation of ( An-Nahl 106 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно, ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор. (Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир (р. а.) ва у кишининг оталари Ёсир (р. а.) ҳамда оналари Сумаййаларни (р. а.) ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййанинг (р. а.) икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсирни (р. а.) ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон–эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ (с. а. в.): «Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.) ] - Interpretation of ( An-Nahl 106 )

[ مَنْ كَفَرَ بِاللَّهِ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِهِ إِلَّا مَنْ أُكْرِهَ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالْإِيمَانِ وَلَكِنْ مَنْ شَرَحَ بِالْكُفْرِ صَدْرًا فَعَلَيْهِمْ غَضَبٌ مِنَ اللَّهِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ ] - النحل 106

#74

Interpretation of ( Al-Baqarah 198 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арофатдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг. (Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган. Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки: «Абдуллоҳ ибн Умардан, биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта» дедим. У киши: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жиброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар. Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар.) ] - Interpretation of ( Al-Baqarah 198 )

[ لَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَنْ تَبْتَغُوا فَضْلًا مِنْ رَبِّكُمْ فَإِذَا أَفَضْتُمْ مِنْ عَرَفَاتٍ فَاذْكُرُوا اللَّهَ عِنْدَ الْمَشْعَرِ الْحَرَامِ وَاذْكُرُوهُ كَمَا هَدَاكُمْ وَإِنْ كُنْتُمْ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنَ الضَّالِّينَ ] - البقرة 198

#75

Interpretation of ( An-Nisa' 171 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар Уникидир, ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Ислом дини инсониятнинг ақидасини тўғри йўлга солишга келган. Бу ўринда насороларнинг ақидасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақида тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақида аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақидаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни, Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан–ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақидавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш–ҳаддан ошиш эди.) ] - Interpretation of ( An-Nisa' 171 )

[ يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ وَلَا تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ إِلَّا الْحَقَّ إِنَّمَا الْمَسِيحُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ رَسُولُ اللَّهِ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ فَآمِنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ وَلَا تَقُولُوا ثَلَاثَةٌ انْتَهُوا خَيْرًا لَكُمْ إِنَّمَا اللَّهُ إِلَهٌ وَاحِدٌ سُبْحَانَهُ أَنْ يَكُونَ لَهُ وَلَدٌ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَكَفَى بِاللَّهِ وَكِيلًا ] - النساء 171

#76

Interpretation of ( An-Nisa' 11 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар унинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг, оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. (Ал-Авфий Ибн Аббосдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Аллоҳ таоло ўғил ва қизларга ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар туширганда баъзи одамларга ёқмади. Расулуллоҳнинг (с. а. в.) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир, у от миниб, душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» дейишди. Уларнинг бу тутимларига жавобан Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр қилади», деб бошланувчи ояти каримани нозил қилди.) ] - Interpretation of ( An-Nisa' 11 )

[ يُوصِيكُمُ اللَّهُ فِي أَوْلَادِكُمْ لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ فَإِنْ كُنَّ نِسَاءً فَوْقَ اثْنَتَيْنِ فَلَهُنَّ ثُلُثَا مَا تَرَكَ وَإِنْ كَانَتْ وَاحِدَةً فَلَهَا النِّصْفُ وَلِأَبَوَيْهِ لِكُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا السُّدُسُ مِمَّا تَرَكَ إِنْ كَانَ لَهُ وَلَدٌ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ وَلَدٌ وَوَرِثَهُ أَبَوَاهُ فَلِأُمِّهِ الثُّلُثُ فَإِنْ كَانَ لَهُ إِخْوَةٌ فَلِأُمِّهِ السُّدُسُ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِي بِهَا أَوْ دَيْنٍ آبَاؤُكُمْ وَأَبْنَاؤُكُمْ لَا تَدْرُونَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ لَكُمْ نَفْعًا فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا حَكِيمًا ] - النساء 11