periode waktu pelaksanaan (0,00519 Kedua)
#51

Interpretation of ( Al-Baqarah 212 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қиладилар. Ва ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ кимни хоҳласа, беҳисоб ризқ беради. (Кофирларнинг Аллоҳ йўлига юрмасликларининг сабаби дунё ҳаётининг зийнатидир. Уларнинг бирдан бир мақсади, фикри-зикри ва орзу-умиди–шу беш кунлик дунёнинг ҳой-ҳаваси, зийнатидир. Кофирлар ҳаётнинг маъносини шунда, деб тушунадилар. Иймонсиз бўлганлари учун ҳайвоний тасаввур ва чегарадан ташқарига чиқа олмайдилар. Мўмин киши учун эса, бу дунёнинг зийнати ҳақир ва аҳамиятсиз нарса ҳисобланади. Улар дунё ҳой-ҳавасига ўч бўлишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Ҳақиқий ҳаёт–охират ҳаёти келган чоқда эса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ўшанда, яъни, қиёмат кунида мўминлар, тақво қилганлар кофирлардан устун бўладилар. Ризқи рўзга келадиган бўлсак, уни Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, беҳисоб беради. Ризқ берувчи Унинг Ўзи. Мўминга ҳам, кофирга ҳам бераверади.) ] - Interpretation of ( Al-Baqarah 212 )

[ زُيِّنَ لِلَّذِينَ كَفَرُوا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَيَسْخَرُونَ مِنَ الَّذِينَ آمَنُوا وَالَّذِينَ اتَّقَوْا فَوْقَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَاللَّهُ يَرْزُقُ مَنْ يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ ] - البقرة 212

#52

Interpretation of ( Al-Hajj 18 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмайсанми? Кўпларига эса, азоб ҳақ бўлди. Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилгувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади. (Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса, кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунаверилар эди. Лекин баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга–қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар. Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир. Бутун борлиқ ҳеч бир истисносиз Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, «кўплари» сажда қилмасликларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.) ] - Interpretation of ( Al-Hajj 18 )

[ أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ يَسْجُدُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَمَنْ فِي الْأَرْضِ وَالشَّمْسُ وَالْقَمَرُ وَالنُّجُومُ وَالْجِبَالُ وَالشَّجَرُ وَالدَّوَابُّ وَكَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ وَكَثِيرٌ حَقَّ عَلَيْهِ الْعَذَابُ وَمَنْ يُهِنِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ مُكْرِمٍ إِنَّ اللَّهَ يَفْعَلُ مَا يَشَاءُ ] - الحج 18

#53

Interpretation of ( Al-An'am 133 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ва Роббинг беҳожат ва раҳмат соҳиби бўлган зотдир. Агар хоҳласа, худди сизларни бошқа қавмлар зурриётидан пайдо қилганидек, сизларни кетказиб, ортингиздан нимани хоҳласа, ўринбосар қилиб келтирадир. (Аллоҳ таоло раҳмат соҳиби бўлган зот. Одамларнинг бу дунёда юришларининг ўзи ҳам Аллоҳнинг раҳматидан. У Ўз раҳматини Ўзи хоҳлаган бандаларига беради. Ҳозирги пайтда яшаб турган одамларни аввал ўтган кишилар зурриётидан пайдо қилганлиги ҳам ҳаммага маълум. Яъни, Аллоҳ Ўзи хоҳлаб шундай қилган. Бандаларга ҳожатмандлигидан эмас. Шунингдек, ҳозирги авлод одамларига ҳам ҳеч қандай ҳожати йўқдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу авлодни ҳам кўтариб, йўқ қилиб, ўрнига Ўзи хоҳлаган нарсани келтира олади. Демак, Аллоҳ бандаларга эмас, бандалар Аллоҳга ҳожатманддирлар. Улар ўзларининг дунёга келишларида Аллоҳга ҳожатманд бўлганлари каби, бу дунёда яшашларида ҳам, ҳар лаҳзада, ҳар нарсада ҳожатманддирлар. Аллоҳ эса, Ўз раҳмати ила уларнинг ҳожатларини раво қилади. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳматининг энг юқори чўққиси, уларга Пайғамбарлари орқали дин–шариат юбориши. Динга юрмаганлар ўша олий мақом неъматдан юз ўгирганлар бўладилар. Ўзларига ёмонлик қиладилар. Қиёматда ҳоллари ёмон бўлади.) ] - Interpretation of ( Al-An'am 133 )

[ وَرَبُّكَ الْغَنِيُّ ذُو الرَّحْمَةِ إِنْ يَشَأْ يُذْهِبْكُمْ وَيَسْتَخْلِفْ مِنْ بَعْدِكُمْ مَا يَشَاءُ كَمَا أَنْشَأَكُمْ مِنْ ذُرِّيَّةِ قَوْمٍ آخَرِينَ ] - الأنعام 133

#54

Interpretation of ( Al-Baqarah 3 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Улар Ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. (Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган: Биринчиси-"ғайбга иймон келтирурлар". Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: "Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир", деган эканлар. Иккинчиси-"намоз ўқирлар". Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади. Учинчиси-"Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар". Мўмин-мусулмоннинг, тақводор одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. "Садақа" сўзини тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни, яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор. "Нафақа" ўзи умумий сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа каби маъноларни англатади.); ] - Interpretation of ( Al-Baqarah 3 )

[ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ ] - البقرة 3

#55

Interpretation of ( Al-Ma'idah 39 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, унда: «тавба этса ва амали солиҳ қилса», дейилмоқда. Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни қилиши ҳам зарур экан. Мадинаи Мунавварада бир аёл ўғрилик қилиб қўлга тушади. Унинг қариндош-уруғлари бундан қаттиқ ташвишланадилар. Агар қўли кесилса, бутун уруғимизга ор бўлади, деб қайғурадилар. Маслаҳатлашишиб, Усома ибн Зайд Пайғамбаримизнинг эркаси, уни ишга солайлик, кечириб юборсалар ажаб эмас, дейишади. Усома ибн Зайд (р. а.) воситачилик қиладилар. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) қаттиқ ғазабланадилар ва масжидда жамоат намозидан сўнг хутба қилиб: «Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг ҳаддидан бўлмиш бир ҳадда менга воситачи қўясизлар! Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, қўлини кесаман! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишига сабаб ҳам оддий одамга ҳадни жорий этиб, обрўлига жорий этмаслик эди», дедилар. («Ҳад» деганда шаръий жазо тушунилади.)) ] - Interpretation of ( Al-Ma'idah 39 )

[ فَمَنْ تَابَ مِنْ بَعْدِ ظُلْمِهِ وَأَصْلَحَ فَإِنَّ اللَّهَ يَتُوبُ عَلَيْهِ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ] - المائدة 39

#56

Interpretation of ( An-Nisa' 93 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир. (Мўмин кишини қасддан ўлдириш шунчалик катта жиноят ва гуноҳки, уни қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайди. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир беайб жонга қўшиб, иймондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар–жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ўз ҳадисларидан бирида: «Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир», деганлар. Мазкур жазолар қасддан мўмин одамни ўлдирганнинг охиратидаги жазосидир. Аммо бошқа оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, унга бу дунёда ҳам маълум жазолар белгиланган. Аввало, қотил устидан ўлдирилган шахснинг валиюл амрлари ҳукмга эга бўладилар. Улар хоҳласалар, қотилдан қасос олиш мақсадида уни ўлдиришни талаб қиладилар, хоҳласалар кечиб юборадилар ёки хоҳласалар кучайтирилган хун оладилар. Кучайтирилган хун эса, ўттизта ҳиққа, ўттизта жазуъа ва қирқта халуфа туялардан иборат.) ] - Interpretation of ( An-Nisa' 93 )

[ وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا ] - النساء 93

#57

Interpretation of ( Al-Hajj 29 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла. (Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар Қурайш кофирларида эмас, мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга Қурайш кофирлари эмас, мусулмонлар ҳақлидирлар. Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир. Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Ҳаж мавсумнинг авжи, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади, эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда«... ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу. «Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.) ] - Interpretation of ( Al-Hajj 29 )

[ ثُمَّ لْيَقْضُوا تَفَثَهُمْ وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ ] - الحج 29

#58

Interpretation of ( Al Imran 154 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Сўнгра, ғамдан кейин, сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишди. Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик, дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиш тақдирида ёзилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. Аллоҳ кўкракдаги нарсани ҳам билувчи зотдир», деб айт. (Мусулмонлар Уҳуд урушида енгилиб қоча бошлаганларида, Аллоҳ таоло уларга мудроқни омонлик қилиб юбориб, ҳатто фалокатдан, бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолди. Бир оз мудраб, сўнг ўзига келган мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом атрофларида тўпланишди ва тоғнинг баландроқ, қулайроқ жойига чиқиб жойлашишди. Буни кўрган мушриклар охиригача ҳужум қилишга юраклари дов бермай, ортга қайтдилар. Мўминлардан бир тоифаси бу иш билан овора бўлиб турган бир пайтда: Бу тоифа–иймони заиф тоифа, қалбида фидокорлик туйғуси ўрнашмаган тоифа. Шу боисдан Аллоҳ учун овора бўлмайди, дину диёнат учун овора бўлмайди, Пайғамбар учун овора бўлмайди, мусулмонлар учун овора бўлмайди. Бошларига зарба етганда, иймони заифлар, мунофиқлар доимо шундай қиладилар. Бошлиқларга осилиб, ҳамма айбни уларга тўнкаб одамларни улардан айнитишга ўтадилар. Баъзи қатл бўлганлар ҳақида ҳам: «Агар бизнинг ихтиёримиз билан иш бўлганида, бундай бўлмас эди», дейдилар. Қуръони Карим уларнинг бу нотўғри васвасаларини ҳам тўғрилаб, ўлим ва ҳаёт ортидаги, синовлар замиридаги ҳикматларни баён қилади.) ] - Interpretation of ( Al Imran 154 )

[ ثُمَّ أَنْزَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ بَعْدِ الْغَمِّ أَمَنَةً نُعَاسًا يَغْشَى طَائِفَةً مِنْكُمْ وَطَائِفَةٌ قَدْ أَهَمَّتْهُمْ أَنْفُسُهُمْ يَظُنُّونَ بِاللَّهِ غَيْرَ الْحَقِّ ظَنَّ الْجَاهِلِيَّةِ يَقُولُونَ هَلْ لَنَا مِنَ الْأَمْرِ مِنْ شَيْءٍ قُلْ إِنَّ الْأَمْرَ كُلَّهُ لِلَّهِ يُخْفُونَ فِي أَنْفُسِهِمْ مَا لَا يُبْدُونَ لَكَ يَقُولُونَ لَوْ كَانَ لَنَا مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ مَا قُتِلْنَا هَاهُنَا قُلْ لَوْ كُنْتُمْ فِي بُيُوتِكُمْ لَبَرَزَ الَّذِينَ كُتِبَ عَلَيْهِمُ الْقَتْلُ إِلَى مَضَاجِعِهِمْ وَلِيَبْتَلِيَ اللَّهُ مَا فِي صُدُورِكُمْ وَلِيُمَحِّصَ مَا فِي قُلُوبِكُمْ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ ] - آل عمران 154